@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистонда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ соҳаларида халқаро ҳуқуқни амалга оширишни такомиллаштиришга оид лойиҳа ишга туширилмоқда

 2021-09-24 16:15:40   |     Просмотров: 3963

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Халқаро юристлар комиссияси (ХЮК), БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамкорликда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ соҳаларида ҳалқаро ҳуқуқни Ўзбекистон миллий ҳуқуқий базасига имплементация жараёнини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа тақдимотини ўтказди. Лойиҳа иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ соҳаларида одил судловни таъминлашга қаратилган аввалги лойиҳанинг мантиқий давоми бўлди.

“Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқни қўллаш сифатини ошириш” (EQUAL) деб номланган янги лойиҳа тақдимотида ҳамкор ташкилотлар, ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, давлат идоралари вакиллари, соҳа экспертлари иштирок этди. Лойиҳа Европа Иттифоқининг моливий кўмагида уч йил мобайнида “Юксалиш” УМҲ ва ҲЮК томонидан амалга оширилади.

— Биз Ўзбекистонда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ соҳаларида имплементация жараёнини такомиллаштириш бўйича лойиҳани бошлаётганимиздан хурсандмиз. Бу ҳуқуқлар давлатларнинг ҳалқаро ҳуқуқ мажбуриятларига мувофиқ, қонун ва амалда хеч қандай асосда камситилмасдан кафолатланиши лозим. Мен Ўзбекистондаги фаолиятимизнинг бу янги босқичини сабрсизлик билан кутяпман ва умид қиламанки, Халқаро юристлар комиссияси ва унинг ҳамкорлари Ўзбекистонда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни кундалик ҳақиқатга айлантиришга ҳисса қўшадилар” - деди ХЮКнинг Европа ва Марказий Осиё учун минтақавий дастури раҳбари Роушин Пиллэй.

Ҳамкорлар лойиҳа тақдимоти давомида уни тарғиб этиш бўйича ахборот ва мамлакатда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича иш режасини маълум қилди.

— Янги лойиҳа ўз вақтида амалга ошириляпти, чунки айнан ҳозир пандемия шароитида аҳолининг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларидан хабардорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Биз қўллаб-қувватлаётган ва маъқуллаётган ушбу лойиҳа инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини тарғиб қилишга қаратилган экан, бу, ўз навбатида, Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга йўналтирилган стратегиясининг муҳим қисми ҳисобланади”, – деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Шарлотт Адриан.

БМТнинг Марказий Осиёдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси минтақавий вакили Ришард Коменда лойиҳа доирасида иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Ҳалқаро пактнинг (ICESCR), шунингдек бошқа тегишли шартномалар, ҳусусан, яқинда Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни самарали имплементация қилинишига кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. У лойиҳа мақсад ва вазифаларига эришиш учун жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан фаол ҳамкорлик қилишга чақирди.

— Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги вазиятни яхшилаш бўйича муҳим қадамлар қўйилди. Биз “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилларини қатъий ҳимоя қилишимиз ва инклюзив имкониятларни яратишимиз керак. Ишончим комилки, ушбу лойиҳа мавжуд муаммоларни чуқурроқ тушунишга, илғор тажрибаларни илгари суришга ва қабул қилинаётган қарорлар сифатини оширишга ёрдам беради”, - деди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати