@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Фуқаролик жамияти ва маҳаллий ҳокимлик органлари ўртасидаги инновациялар ва ҳамкорлик: хориж тажрибаси ва миллий амалиёт

 2021-09-24 15:58:11   |     Просмотров: 2837

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, Грузия маҳаллий ҳокимиятлар миллий ассоциацияси (NALAG), соҳа мутахассислари қарорлар қабул қилиш жараёнига инновацияларни жорий этиш ҳамда фуқаролик жамияти ва давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини давра суҳбати форматида муҳокама қилди.

Таъкидлангандек, бугун Ўзбекистон давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида чуқур ислоҳотлар босқичидан ўтмоқда. Баъзан вақт ва ресурслар танқислиги шароитида бўлса ҳам ҳаракат қилишга тўғри келмоқда. Бу жараёнларга жамиятнинг кенг жалб қилиниши қабул қилинаётган қарорлар инклюзивлигини таъминлайди. Айнан шунинг учун ҳукуматнинг барча даражаларида халқ билан мулоқот тамойили илгари сурилмоқда. Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашларини тузиш тўғрисидаги қарор ҳам шу мақсадларга йўналтирилган. Уларнинг институт сифатида шаклланиш босқичида хорижий тажрибани ўрганиш, жамоатчилик кенгашлари аъзоларининг салоҳиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Шу мақсадда жорий йилнинг 3—10 сентябрь кунлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов бошчилигидаги делегация илғор тажриба ва инновациялар, иштирок этиш ва жамоатчилик назорати тизимлари билан тажриба алмашиниш учун Грузияда бўлди.

Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари, Фарғона вилояти жамоат ташкилотлари раҳбарлари, Қонунчилик палатаси депутатлари, лойиҳа координаторлари Грузиядаги мавжуд маҳаллий бошқарув тизимини ўрганиш, хорижлик ҳамкасблари билан шахсий тажрибасини ўртоқлашиш, жамоатчиликни, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоатчилик кенгашларини маҳаллий даражадаги ташаббус ва қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб қилиш механизмлари ва воситаларини ўрганиш имконига эга бўлди.

Иштирокчиларнинг фикрига кўра, ўқув сафари давомида олинган билим ва кўникмалар Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти ташкилотлари ва маҳаллий давлат ҳокимлик органлари вакилларига манфаатдор томонлар билан самарали ҳамкорликни ўрнатиш, тарғибот ва ҳамкорлик механизмларини яратиш, шу жумладан тренинг ва семинарлар ўтказиш орқали ёрдам беради.

Тадбир давомида Грузия тажрибаси, шу жумладан фуқароларни қарор қабул қилиш жараёнларига жалб қилишнинг энг яхши тажрибалари, уларнинг давлат ва жамоат бошқарувидаги иштироки, шунингдек, жамоатчилик назорати механизмлари, жамоат кенгашлари фаолиятини ривожлантириш борасидаги ёндашувлар тақдим этилди.  Иштирокчилар аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини, ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистоннинг фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги миллий тажрибасини кўриб чиқди.

Давра суҳбати якунида давлат органлари ва жамоатчилик кенгашларининг аҳоли билан алоқасини яхшилаш, уларнинг фаолияти тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириш, фуқароларнинг иштирокини кенгайтириш, жамиятни демократлаштириш ва давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Мисол учун, иштирокчилар хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, давлат ва нодавлат муассасаларига фуқароларнинг ишонч индексини шакллантириш бўйича методологиясини ишлаб чиқишни, унинг натижаларини жамоатчиликка мунтазам тақдим этишни таклиф қилди.

Мазкур тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ACTED, Франция)нинг Ўзбекистондаги филиали ҳамда Европа иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Фуқаролик жамияти ва маҳаллий ҳокимлик органлари ўртасидаги инновациялар ва ҳамкорлик орқали шаффоф ва инклюзив бошқарувга эришиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳа фуқаролик жамияти институтларига Ўзбекистонни бошқариш ва ривожланиш жараёнларида иштирок этувчи субъект (актор) сифатида иштирок этиш имкониятини беришга қаратилган.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати