Самарқандда электр тармоқлари, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш ҳолати, ЙҲХБ фаолияти – галдаги жамоатчилик эшитуви эътибор марказида бўлди
17 июнь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилоят бўлинмаси ташаббуси билан кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида 2021 йилги Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг Самарқанд вилоятидаги ижроси юзасидан “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ вакилларининг ахборотлари эшитилди.
Президентнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар самарасини ҳар бир инсон ўз ҳаётида ҳис этиши учун қабул қилинаётган ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш лозим эканлиги таъкидлаб ўтилган эди. Ушбу жараёнлар жамоатчилик ва Парламентнинг, қолаверса ҳудудларда Маҳаллий Кенгашларнинг доимий назоратида бўлишига алоҳида эътибор қаратилган.
Жамоатчилик эшитувида масъуллар томонидан:
- шаҳар ва туманларда паст ҳамда ўрта кучланишли электр тармоқлари ва трансформаторни босқичма-босқич янгилаш борасида олиб борилаётган ишлар;
- ёш оилаларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида 2021-2023 йилларда Ёшлар уйларини қуриш дастурини амалга ошириш;
- Самарқанд шаҳрида битта рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида фуқароларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳудуддан қатъий назар, автотранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга давлат рақами белгиларини беришни амалга ошириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг асосий фаолиятини фуқароларга кўмак беришга йўналтириш ҳамда коррупцияга имкон берадиган омилларни бартараф этиш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга талабгорлардан имтиҳон олиш жараёнини Интернет орқали кузатиш имконини яратиш, шунингдек, автомобиль йўлларида йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда ўлим ҳолатларини, шу жумладан пиёдалар ўтиш жойларининг замонавий светофорлар билан таъминланганлик даражасини босқичма-босқич ошириш бўйича амалга оширилган ва режалаштирилган ишлар юзасидан маълумотлар тақдим қилинди.
Хусусан, 2021 йил Давлат дастурининг 95-бандида назарда тутилган паст ва ўрта кучланишли электр тармоқлари ва трансформаторларни босқичма-босқич янгилаш бўйича жорий йил Самарқанд вилоятида жами 856 та объектда 1159,2 км электр узатиш тармоғи ва 309 дона трансформатор пунктини реконструкция ва модернизация қилиш ишлари режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда 126 та объектда 172,1 км электр узатиш тармоғи ва 91 дона трансформатор пункти реконструкция ва модернизация қилинган. 22642 дона темир бетон устунини ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунгача 4314 дона темир бетон устуни ўрнатилган. Шундан 3050 дона темир бетон устун “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ темир бетон устунлари ишлаб чиқариш цехида ишлаб чиқарилган бўлса, 1264 дона темир бетон устуни “Ўзқишлоқэлектрқурилиш” АЖдан харид қилинган.
Йил якунига қадар қолган 987,1 км электр узатиш тармоғи ва 218 дона трансформатор пунктини ўрнатилиши бўйича чора-тадбир ишлаб чиқилган бўлиб, бир кунда вилоят бўйича 6,7 км электр узатиш тармоғи ва 2 дона трансформатор пунктини ўрнатиш ишлари бажарилмоқда. “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг темир бетон устунлари ишлаб чиқариш цехида бир кунда 60 дона темир бетон устуни ишлаб чиқарилмоқда, йил якунига қадар 8820 дона ишлаб чиқарилади, қолган 9508 донасини “Ўзқишлоқэлектрқурилиш” АЖдан харид қилиш режалаштирилган.
Таклиф:
Жойларга сайловчилар билан учрашувлар ташкил қилинганда кўп ҳолатда электр энергияси билан боғлиқ умумий муаммоли масалалар – бу эскирган симёғочларнинг ҳамда трансформатор пунктининг алмаштирилиши билан боғлиқ бўлади. Электр тармоқлари корхонаси ўз сайтида ва бошқа ахборот манбаларида ҳудудлар кесимида янгиланиши ва реконструкция қилиниши режалаштирилган электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктларининг манзилли рўйхатини эълон қилсин.
Мазкур таклиф “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ мутасаддилари томонидан қабул қилинди ва тез орада маълумотлар корхона сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жойланиши маълум қилинди.
Жамоатчилик эшитувида кўрилган навбатдаги масала Давлат дастурининг 165-бандида белгиланган ёш оилаларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида 2021 — 2023 йилларда Ёшлар уйларини қуриш дастурини амалга ошириш борасида бажарилган ишлар, шунингдек, вилоятда ёшларни уй-жой билан таъминлаш борасидаги муаммолар билан боғлиқ бўлди.
Вилоятдан мазкур банд ижросига масъул идоралар томонидан Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасига таклифлар юборилган. Лекин Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳозирги кунгача қабул қилинмаган.
Ҳозирги кунда вилоятда 77 нафар ёш 2019 йил ҳисобида уй-жой билан таъминланмаган, улар рўйхатда турибди ҳамда 2021 йил ҳисобидан қуриладиган уйлардан уларга ажратиш кўзда тутилган.
Давлат дастурининг 165-бандида белгиланган вазифалар бўйича Самарқанд вилоятида ишлар жадал амалга оширилмоқда. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида фуқароларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳудудидан қатъи назар автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга давлат рақами белгиларини бериш ишлари йўлга қўйилган.
Илғор хорижий тажрибага асосланган ҳолда, автомобиль йўлларида йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда ўлим ҳолатларини, шу жумладан пиёдалар ўтиш жойларининг замонавий светофорлар билан таъминланганлик даражасини босқичма-босқич ошириш орқали қисқартириш вазифаси қўйилган бўлса-да, Самарқанд вилоятида жорий йилда йўл-транспорт ҳодисалари сони 42,9 фоизга, улар билан боғлиқ ўлим ҳолатлари эса 32,4 фоизга ошган.
Жамоатчилик эшитуви иштирокчиларининг фикрича, бу ҳолатга сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилиниши ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кечиктирилмасдан кўрилиши лозим.
Таклиф:
Автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларнинг (хусусий автомактаблар) фаолияти бўйича жамоатчилик назорати тартибида ўрганишни амалга ошириш ва улар фаолиятини таҳлил қилиш;
ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонларни шаффоф ҳамда холисона ташкил қилиш;
имтиҳондан ўтолмаганларни қайта тўлов эвазига қайта имтиҳон топширишга йўналтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.
Мазкур форматда ташкил этилаётган жамоатчилик эшитуви кимнингдир камчилигини кўрсатиш ёки танқид қилиш эмас, балки қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ва лозим даражада ижро этилишини таъминлашга кўмаклашиш учун барчанинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгариш ва ривожланиш жараёнларини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати
Самарқанд вилояти бўлинмаси