@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Давлат дастури ижроси бўйича жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтади

 2021-03-17 16:29:48   |     Просмотров: 3006

Жорий йилнинг 19 март куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ташаббуси билан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг ижроси бўйича жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Мурожаатномада жамоатчилик иштироки ва назоратини кенг йўлга қўйиш, жумладан, “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизимини жорий этиш, бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар ҳам фаол жалб этилиши таъкидланган эди. Шу муносабат билан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Давлат дастурининг ижросини жамоатчилик иштирокида мониторинг қилиш мақсадида jamoatchilik.uz платформасини ишга туширди.


Жамоатчилик эшитувида Давлат дастури ижроси бўйича бир қатор масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборот беришлари режалаштирилган. Хусусан, 
- Дастурнинг 45-бандига мувофиқ, “Давлат харидлари соҳасидаги
1 миллиард сўмгача бюджет буюртмачилари томонидан аванс тўловлари миқдорини 30 фоизга етказиш” вазифаси Молия вазирлиги;
- Дастурнинг 77-бандига мувофиқ, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида маҳалла ва қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш” юзасидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги;
- Дастурнинг 80-бандига мувофиқ, “Камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш” бўйича Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги;
- Дастурнинг 73-бандидаги “Водород энергетикаси технологияларини ўрганиш ва илм-фанни ривожлантириш” юзасидан Инновацион ривожланиш вазирлиги;
- Дастурнинг 60-бандидаги “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича Марказий банк;
- Дастурнинг 61-бандидаги “Оилавий тадбиркорлик дастурларини амалга оширишни давом эттириш” бўйича Марказий банк;
- Дастурнинг 70-бандидаги “Республика минерал хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш дастурини ишлаб чиқиш” бўйича Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раҳбарларининг ахборотлари эшитилади.
Жамоатчилик эшитувига вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, ОАВ вакиллари таклиф этилади. 

Аввалроқ “Юксалиш” ҳаракати Давлат дастури доирасида жорий йилнинг февраль ойида бажарилиши лозим бўлган айрим бандлар бўйича ижро муддатларига амал қилинмагани, бандлар ижросига масъул вазирлик, идоралар томонидан ижро муддати кечиктирилгани ёки қўшимча ишланиши белгилангани ҳақида жамоатчиликка тушунтириш берилмаганини маълум қилган эди. 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати