@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Қорақалпоғистонда Давлат дастурининг ижроси юзасидан жамоатчилик мониторинги тадбирлари ўтказилди

 2020-11-27 10:59:00   |     Просмотров: 3190

Жорий йилнинг 25—26 ноябрь кунлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мутахассислари ва ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасида “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури ҳамда Инвестиция дастурининг ижроси бўйича жамоатчилик мониторингини ўтказди, ушбу йўналишда ҳудудда амалга оширилаётлган ишлар билан танишди.

Жамоатчилик мониторинги давомида Инвестиция дастурига биноан барпо этилган ижтимоий объектлар, бино ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш ишларининг боришини ўрганишга урғу берилди.

Жумладан, 25 ноябрь куни ишчи гуруҳ Мўйноқ туманидаги реконструкция ишлари якунланган аэропортни кўздан кечирди. Мўйноқ аэропорти 1947 йилда қурилган бўлиб, у 3-тоифага эга аэродром сифатида “Ан-24”, “Як-40” ва бошқа енгил самолётлар ва барча турдаги вертолётларни қабул қила олган. Бир пайтлар бу ердан Тошкент, Нукус, Қўнғирот, Урганч ва бошқа шаҳарларга рейслар амалга оширилган, аммо 1990 йилдан бери йўловчи ташиш учун ишлатилмаган. Жорий йилда Ўзбекистоннинг энг шимолий аэропорти — “Мўйноқ” қайта таъмирланиб, янги кўринишда ишга туширилди. 26 август куни ушбу аэропортга Тошкентдан йўловчи парвозини амалга оширган Airbus А-320 самолёти келиб қўнди.

Шуни таъкидлаш керакки, 2019 йилнинг январь ойида Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Унга кўра, Мўйноқ тумани барча зарурий инфратузилмага, жумладан, инновацион мактаб, спорт объектлари, даволаш-профилактика муассасалари, замонавий аэропорт, меҳмонхона, савдо ва кўнгилочар дам олиш марказларига эга бўлган замонавий шаҳарчага айлантирилиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, ишчи гуруҳ Мўйноқ туманининг “Бозатау” ОФЙ ҳудудида барпо этилган “Оқ кема” номли замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳам бўлди. Бўш ётган 12,7 гектар майдонда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Оқ кема” номли замонавий болалар оромгоҳи ва соғломлаштириш маркази қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Бунинг учун 36 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Оромгоҳ ҳар бир навбатда 250 нафар болани қабул қилишга мўлжалланган. Марказда болалар ётоқхоналари барча жиҳозлар билан таъминланган. Футбол, баскетбол, волейбол майдончалари, сузиш ҳавзаси болалар хизматида. Стол тенниси, шахмат-шашка ўйинлари учун махсус жойлар ажратилган. Маданий тадбирларни ташкил қилиш учун амфитеатр, кутубхоналар мавжуд. Тиббиёт хоналари, ошхона замонавий ускуналар билан таъминланган.

Ишчи гуруҳ аъзолари Мўйноқдаги “Кемалар қабристони”га, шунингдек, Мўйноқдаги музейга ташриф буюриб, ҳудуддаги экологик вазият билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлдилар.

26 ноябрь куни жамоатчилик мониторинги тадбирлари давом этди. Хусусан, ишчи гуруҳ янги касб-ҳунар таълими муассасаларини ташкил этиш, абитуриентларни қабул қилиш жараёни, талабаларга дарс бериш, шунингдек, ётоқхоналарда улар учун яратилган шароитлар билан танишди. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб жами 54 та профессионал таълим муассасалари (23 та касб-ҳунар мактаблари, 17 та коллежлар ва 14 та техникумлар) ўз фаолиятини бошлаш режалаштирилган. Масалан, Президент фармонига асосан, Нукус шаҳридаги 2-Нукус тиббиёт коллежи Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига ўтказилиб, Нукус 2-тиббиёт коллежи деб номланган. Мазкур коллежда ўқувчи ўрни 720 тани ташкил этади.

Давлат дастурининг 204 ва 210-бандларига биноан қийин турмуш шароитида бўлган ва ногирон аёлларни арзон уй-жой билан таъминлаш кўзда тутилган. Қорақалпоғистон бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека” кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Фармонига мувофиқ, жами 618 та уйлар (хонадон), шундан 4 қаватли уйларда 528 хонадонли ва 5 қаватли уйларда 90 хонадонли намунали арзон ўйларни топшириш назарда тутилган. Уй жойларни 2021 йил март ойига қадар топширилиши белгиланган. Ишчи гуруҳ Хўжайли туманидаги аёллар ва масъул тузилма вакиллари билан суҳбатлашди, уйлар қурилиши, ушбу гуруҳ аёлларига тақдим этиладиган уй-жойларнинг шароитлари билан танишди. Тумандаги “Кун нури” массивида 4 қаватли 24 хонадонли намунали арзон ўйларни қуриш назарда тутилган. Мазкур объект 2021 йил 20 март кунига қадар топширилиши белгиланган. Қурилиш ишлари учун 3,9 млрд сўм ажратиш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда пудратчи ташкилот томонидан 2,5 млрд сўмлик қурилиш ишлари олиб борилган.

Шунингдек, Қорақалпоғистонда фуқаролар, тадбиркорлар ва маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллари билан мамлакатимизда давлат ва ижтимоий қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот бериш, қарорлар қабул қилиш жараёнларига аҳолини фаол жалб қилиш бўйича уларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш, фуқароларнинг, айниқса ёшлар ва аёлларнинг ижодий ва иқтисодий салоҳиятини ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида учрашувлар ташкил этилди.

Жамоатчилик мониторинги ва аҳоли билан учрашувлар натижалари бўйича умумлаштирилган таҳлилий маълумотлар тегишли давлат органларига тақдим этилади.

Тадбирлар Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати