@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Қашқадарё вилоятида жамоатчилик мониторинги: техникумлар, арзон уй-жойлар, ичимлик суви таъминоти масалалари ўрганилди

 2020-10-09 10:56:00   |     Просмотров: 3002

Ўзбекистонни Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурлари ижроси юзасидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси вакиллари иштирокида 2020 йил 6-8 октябрь кунлари Қашқадарё вилоятининг Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида жамоатчилик мониторинги тадбирлари ўтказилди.

Мониторинг давомида ижтимоий инфратузилма объектларининг барпо этилиши ва Давлат дастурининг 171 ва 204-бандлари ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Жумладан, 171-бандда назарда тутилган янги профессионал таълим муассасаларини ташкил этиш, уларга ўқувчиларни қабул қилиш, ўқитиш ва яшаш шарт-шароитларини яратиш бўйича амалга оширилган ишлар ўрганилди.

Ишчи гуруҳ дастлаб Қарши Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми фаолияти  билан танишди. Ушбу текхникум Президентнинг  2020 йил  7 апрелдаги “Тиббий санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожланишнинг мутлоқо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Қарши тиббиёт коллежи негизида янги ташкил этилган. Техникум 1200 нафар ўқувчига мўлжалланган, қабул квотаси 810 та, шундан 23 та давлат гранти асосида бўлиши белгиланган. Бу ерда Фельдшер акушерликлик иши, Фельдшер лаборантлик иши, Ҳамширалик иши, Стоматология иши, Тиббий профилактика иши, Фармация йўналишларида мутахассислар тайёрланади.

Мониторинг давомида 25 августдан 25 сентябрга қадар билим юртига 5300 дан ортиқ абитуриентдан ҳужжат келиб тушган бўлса-да, уларни саралаш бўйича тест синовлари ўтказилмагани аниқланди. Шунингдек, тегишли ўқув дастурлари тасдиқланмаганлиги боис, педагоглар таркиби шакллантирилмаган, таълим олиш учун тўлов-шартнома миқдори ҳанузгача белгиланмаган. Бундан ташқари, мазкур таълим муассасаси капитал таъмирга муҳтож бўлиб, моддий-техник базаси замонавий стандартларга жавоб бермайди.

Шаҳрисабз шаҳридаги 1-сон касб-ҳунар мактабида ҳам касбий таълимнинг ташкил этилиши ўрганилди. Мазкур таълим муасасаси Президентнинг 2019 йил 6 сентябрдаги фармонига мувофиқ Шаҳрисабз агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи негизида қайта ташкил этилган.

2020-2021 ўқув йилида 5 та касб бўйича жами 297 нафар умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари ўқишга қабул қилинган. Жумладан, 90 нафар автомобилларни таъмирлаш чилангари, 30 нафар шиномонтаж чилангари, 60 нафар автомобил кузовини таъмирлаш чилангари, 87 нафар тракторчи-машинист, 30 нафар тикувчи касблари бўйича ўқиш бошланган. Жорий йилда ушбу мактаб базасида хорижга  ишлаш  мақсадида  борадиган  фуқароларни “Касбга  ўқитиш  маркази”  ташкил этилиши  режалаштирилган.

Бироқ мактаб фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ қатор камчиликлар кўзга ташланди. Жумладан, мактаб фаолияти ўқувчиларни касб ўрганишга ихтисослашган бўлса-да, унинг моддий-техник базаси замонавий талабларга жавоб бермайди. Масалан, металлга ишлов берувчи ўқув дастгоҳлари ўтган асрнинг 60-йилларига тааллуқли бўлиб, улар замонавий ишлаб чиқариш ва техника хавфсизлиги талабларига жавоб бермайди, айрим касбий йўналишларда эса зарур жиҳозлар умуман мавжуд эмас.

Давлат дастурининг 204-бандида назарда тутилган вазифалар, яъни ҳудудлардаги оғир турмуш шароитидаги, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлашга доир чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида ўтказилган мониторинг жараёнларида эса қуйидагилар аниқланди:

Қарши шаҳри Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан тақдим қилинган маълумотларга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 285-сон қарорига мувофиқ, 6 нафар хотин-қизларга уй-жой ажратиш бўйича рўйхат шакллантирилган. Уларга Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш Давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан 188,8 млн. сўм бошланғич тўловлари ўтказиб берилган.

Бироқ Дастурда оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларга арзон уй-жойлар ажратилиши кўзда тутилган бўлса-да, юқоридаги маблағлар “Қарши сити” комплексидаги ҳар квадрат метри 4,7 млн сўмлик уйлар учун ажратилган. Шунингдек, ажратилган кредит фоизлари бўйича ҳам ҳеч қандай имтиёзлар назарда тутилмаган. Агар мазкур уй-жойлар ҳақиқатдан ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга ажратилган бўлса, келгусида кредит фоизларини тўлаш учун ҳам муаммолар вужудга келтириш эҳтимолини пайдо қилади. Ушбу омиллар келажакда мазкур хотин-қизларнинг ижтимоий ҳолатини янада оғирлаштиради.

Мониторинг гуруҳи Шаҳрисабз шаҳри Дўстлик маҳалласидаги
24 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиши билан ҳам танишди. Маълум бўлишича, ушбу уй-жойлар 2019 йил Давлат дастури доирасида қурилиши белгиланган бўлиб, 10 нафар аёлларга имтиёзли кредит асосида ажратилиши кўзда тутилган. Дастурга мувофиқ, уй-жойлар қурилиши бўйича маҳаллий ҳокимият томонидан ҳанузгача ер майдони ажратилиши масаласи ҳал этилмаган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аётларга маблағлар ажратилмаган. Ушбу сабабга кўра, жорий йилда Давлат дастурининг 204-банди ижроси Шаҳрисабз шаҳрида бажарилмасдан қолиш эҳтимоли юқори.

Мониторинг тадбирлари давомида Қарши шаҳрида аҳолини тоза ичимлик суви таъминоти ва канализация тармоқларини барпо этиш бўйича бажарилаётган ишлар аҳволи ҳам ўрганилди.

Маълумот учун: Қарши шаҳри аҳолисининг 90% марказлашган тармоқ орқали ичимлик суви билан таъминланган. Шаҳардаги 595 км ичимлик сув қувурларидан 349 км (229 км пўлат, 50 км чўян, 70 км асбест) қисми эксплуатация муддатини ўтаб бўлганлиги сабабли 30-35% миқдорида тоза ичимлик суви исроф бўлмоқда. Шунингдек, канализация қамрови 57%ни ташкил қилади.

2020 йилда “Қарши шаҳри ичимлик суви тизими реконструкцияси” лойиҳасини амалга ошириш учун 16,5 млрд. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу маблағлар бугунги кунга қадар ажратилмаган. 

Отчопар МФЙ ҳудудида сув узатиш насос станцияси қурилиши ва 23 км ичимлик суви тармоқларини барпо этиш мақсадида бюджетдан 6,4 млрд сўм маблағ ажратилиши назарда тутилган. Бугунги кунга қадар 5,9 млрд сўм қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, 5,8 млрд сўми молиялаштирилган ва объектни ишга тушириш учун 0,7 млрд сўм маблағ молиялаштирилмаган.

Шунингдек, мониторинг гуруҳи томонидан Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисмида жойлашган Ўрда, Зингирон, Хабарлик ва Кулоллик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ижтимоий ичимлик суви ва канализация тармоқларини қуриш ҳамда ички йўлларни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Мутасаддилар тақдим этган маълумотларга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 февралдаги “Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури”га асосан ижтимоий инфратузилмани яхшилаш мақсадида мазкур ҳудудда яшовчи аҳоли 2014 йил май ойидан буён марказий ичимлик суви тармоғидан узиб қўйилган.

Жамоатчилик мониторинги натижалари бўйича умумлаштирилган таҳлилий маълумотлар тегишли давлат органларига тақдим этилади.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати