@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

«Таниқли шахсларнинг муваффақият тарихи»: Қўқон шаҳрида етакчилик ва волонтёрлик бўйича маҳорат-дарси бўлиб ўтди

 2020-09-10 14:05:39   |     Просмотров: 2995

Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Қўқон шаҳрида «Таниқли шахсларнинг муваффақият тарихи» мавзусида етакчилик ва волонтёрлик бўйича маҳорат-дарси бўлиб ўтди. Тадбир “Тараққиёт тарихи: ичкаридан назар” XI халқаро конференцияси доирасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Қўқон шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилди.


Тадбирни Қўқон шаҳар ҳокими М.Усмонов, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси ўринбосари Шерзод Сафаров ўзларининг кириш сўзлари билан очиб бердилар ҳамда иштирокчиларга омад тиладилар. Унда, шунингдек, тегишли вазирлик ва идораларнинг вилоят бўлими мутасаддилари, тадбиркорлик соҳасига қизиқувчи ёшлар, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.


«Таниқли шахсларнинг муваффақият тарихи» мавзусида етакчилик ва волонтёрлик бўйича маҳорат-дарси ҳудуддаги тажрибали тадбиркорлар томонидан олиб борилди. Хусусан, “Adan textile plus” корхонаси раҳбари Адхам Маматқулов, “Интеллект зиё” хусусий мактаби раҳбари Дилоромхон Абдурахмонова, “Саломатлик плюс экология” нодавлат-нотижорат ташкилоти раҳбари Хадича Назаровалар ёш йигит-қизларга тадбиркорлик учун йўналишни белгилаб олиш, ишни тўғри бошлаш ва йўлга қўйиш, қийинчиликларни енгиб ўтиш каби масалаларда ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.


Ёшлар томонидан тадбиркорликни нимадан ва қандай бошлаш, ҳамма мувафаққиятларни кредитга боғламай ривожланиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар реализацияси, кадрлар қўнимсизлигига чоралар топиш, маҳсулотлар таннархини камайтириш сирлари, солиқ енгилликларига эришиш, тадбиркорлик ривожига мутасадди бўлган ташкилотлар билан мустаҳкам алоқа боғлаш, барча салбий ўзгаришларга тайёр туриш ва шу кабилар бўйича берилган саволларга батафсил жавоб берилади. 

Иштирокчилар ўз бизнес-лойиҳаларини, олдинга қўйган мақсад-вазифаларини ўртоқлашиш ва тажрибали мутахассислар эътиборига ҳавола этиш орқали ўз камчиликлари, “кемтик нуқталари”ни билиб олиш ва тўғрилаш имкониятига эга бўлишди. 

Барча жараёнлар онлайн равишда Zoom иловаси орқали тўғридан-тўғри ижтимоий тармоқларда ҳам ёритиб борилди. Хусусан, мазкур тадбир ҳар йили Марказий Осиё жамоат ташкилотлари учун ўтказиладиган “Тараққиёт тарихи: ичкаридан назар” халқаро конференцияси дастурига киритилгани боис Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган тадбирни қўшни давлатларда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам кузатиб боришга муваффақ бўлинди.


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати