“Юксалиш” ҳаракати ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази гиёҳвандликнинг салбий оқибатларидан огоҳлантириш ва профилактикаси, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва миллий мақсадлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган ушбу йўналишдаги фаолиятни келгусида ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳаларида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантирмоқдалар.
Яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида 24 июнь куни икки ташкилот ўртасида меморандум имзоланди. Унга мувофиқ, томонлар қуйидаги йўналишларда қўшма лойиҳалар ва тадбирлар ўтказишади:
- гиёҳванд моддалар устидан назорат соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини амалга оширишнинг стратегиялари ва асосий йўналишларини ишлаб чиқиш;
- гиёҳванд моддалар, психотроп воситаларни суиистеъмол қилишнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида жамоатчилик фикрини ўрганиш;
- республикада гиёҳвандликнинг тарқалишига қарши курашишда жамоат ташкилотлари, ўқув муассасалари ва ёшлар ташкилотларининг фаолиятини кучайтиришга кўмаклашиш;
- Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари доирасида ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш бўйича қўшма тадбирларни ташкил этиш;
- илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш ва жорий этиш;
- гиёҳванд моддаларни назорат қилиш соҳасида ҳамкорлик бўйича давлатлараро дастурлар лойиҳаларига таклифлар ишлаб чиқиш ва бошқалар.
Таъкидланганидек, Марказий Осиё ва унга қўшни минтақалар ҳудудларидаги нарковазият мониторинги наркобизнесни ривожланиши ҳамон давом этаётганлигидан далолат бермоқда. Афғонистон давлатининг бир қатор вилоятларида наркотик моддалар экин майдонларининг ўсиб бориши ва етиштирилган маҳсулотларни “Шимолий” деб номланган йўналиш бўйича минтақамиз ҳудудидан транзит йўлак сифатида фойдаланиб Россия ва Европа давлатларига етказиб берувчи хавфнинг янада ўсиши эса алоҳида хавотирга сабаб бўлмоқда.
Маълумот учун: БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси маълумотига кўра, 2018 йилда кўкнори экиладиган майдонлар сатҳи 263 минг гектарга етиб, 6400 тонна опий ишлаб чиқарилган.
Ўзбекистон ўзининг геостратегик жойлашувига кўра, Жанубий Осиё ва Европа чорраҳа кесишмасида бўлганлиги, ривожланган автомобиль ва темирйўл инфраструктурасига эгалиги, афғон наркотикларини ўтказиш учун “транзит йўлак” сифатида энг “қулай” ҳудудлардан бири бўлиб қолмоқда.
Сўнгги йилларда янги турдаги “дизайнер” ёки Марказий Осиё мамлакатларида “анъанавий” бўлган наркотик воситалар билан бир қаторда синтетик психофаол моддаларнинг пайдо бўлиш тенденцияси нарковазиятнинг янада кескинлашувига сабаб бўлади. Ўзбекистонда биринчи бор “Спайс” (синтетик каннабиноид) 2015 йилда қайд этилиб, ҳозиргача унинг “янги” бир неча ўнлаб турлари аниқланган. БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, Марказий Осиё минтақасида ҳозирги вақтгача 60дан ортиқ турли синтетик наркотиклар аниқланган. Уларнинг нисбатан арзонлиги, аниқлаш ва қиёслашда мураккаблиги, тур ва шаклларининг кўплиги, аҳолининг, аввало ёшларнинг тинч-тотув ҳаётига ва соғлиғига жиддий раҳна солмоқда.
Юзага келган вазиятни ҳисобга олиб, юклатилган функция ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда Марказ томонидан наркотикларни ноқонуний айланмасига қарши кураш, гиёҳвандликни олдини олиш профилактикаси фаолиятларини мувофиқлаштиришга қаратилган ишлар мақсадли амалга оширилмоқда.
Марказнинг муҳим йўналишларидан бири — давлатнинг барқарор антинаркотик стратегиясини шакллантириш ва амалга оширишдан иборатдир.
Аҳоли орасида комплекс профилактик тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш борасида ижтимоий соҳа институтлари ва ўзини-ўзи бошқариш идоралари имкониятларидан фойдаланишга асосий урғу берилди.
2018 йилнинг иккинчи ярими ва 2019 йил давомида ўтказилган профилактик тадбирларда республиканинг барча ҳудудлари қамраб олинди. Ушбу тадбирлар устувор равишда бошқа ҳудудларга нисбатан нарковазияти оғир туманларнинг чегара ҳудудларида ўтказилди. Тадбирлар мақсадли тарзда кенг аудиторияга йўналтирилиб, ижтимоий соҳа вакиллари шу жумладан, маҳалла фуқаролари, ўқувчи ёшлар, педагоглар, жамоат ташкилотлар вакиллари ва бошқаларни қамраб олди. Тадбирларга жами 3 млнга яқин инсон жалб этилди.
Ушбу ишларни янада кенгайтириш, наркотикларга қарши курашни ички ва халқаро миқёсида янгича услубга кўтариш, фуқаролик жамиятини ҳам ушбу иллатга қарши курашга кенг жалб этиш, шунингдек, келгусида “Юксалиш” умуммилиий ҳаракати билан ҳамкорликда бир қатор “Йўл харита”лари ишлаб чиқиш ва уни ижрога йўналтириш орқали аҳолининг кенг қатлами, айниқса ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ жиноятларни олдини олиш мақсадида Меморандум имзоланди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати