@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

БМТ томонидан биз хоҳлаган келажакни қуришда халқаро ҳамкорликнинг ўрни тўғрисидаги глобал мунозара бошланди

 2020-05-29 17:49:46   |     Просмотров: 3563

Жорий йилнинг 29 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Пандемия шароитида Ўзбекистонда глобал ҳамкорлик ва волонтёрлик ҳаракати: ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик” мавзусида онлайн мулоқот ўтказилди.

Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллиги муносабати билан бутун дунёда эълон қилинган “БМТ-75” кампанияси доирасида ташкил этилди. Унда депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек ёшлар иштирок этди.

“БМТ-75” кампанияси — бу глобал мулоқот бўлиб, у иложи борича кўпроқ одамларни, шу жумладан рақамли макон фойдаланувчиларини қамраб олишга қаратилган. Ушбу мулоқот биз дуч келаётган кўплаб қийинчиликларга қарамай, қандай қилиб яхшироқ дунёни қуришимиз мумкинлигини муҳокама қилишни рағбатлантириш ҳамда тегишли чораларни кўришга ёрдам беришга хизмат қилади.

Онлайн мулоқот давомида Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан 2019 йил 2 декабрь куни имзоланган “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг аҳамияти, коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб вазиятда волонтёрлик гуруҳларининг ташаббуслари, шунингдек фаол фуқаролар томонидан амалга оширилаётган хайрия акциялари, ёшларнинг волонтёр сифатида орттирган тажрибалари ҳақида фикр юритилди.

Таъкидланганидек, “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йилнинг 6 ноябрда қабул қилинди.

Унга мувофиқ, волонтёрлик фаолияти – жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият ҳисобланади. Волонтёрлик фаолияти қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

- якка тартибдаги волонтёрлик фаолияти;

- волонтёрлар гуруҳи таркибидаги волонтёрлик фаолияти;

- волонтёрлик ташкилоти орқали волонтёрлик фаолияти.

Шунингдек, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда бошқа ННТлар вакиллари томонидан иштирокчиларга COVID-19 хавфи туфайли Ўзбекистонда эълон қилинган карантин чекловлари даврида коронавирус инфекция тарқалишининг олдини олиш, фуқароларнинг касаллик бўйича хабардорлигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига хайрия ёрдамларини кўрсатиш бўйича амалга оширилган ишлар, тўпланган тажриба ҳамда унда волонтёрларнинг ўрни ҳақида маълумот берилди.

Онлайн мулоқот давомида иштирокчиларга шу кунларда БМТ томонидан дунё бўйлаб ўтказилаётган глобал сўров ҳақида ҳам маълумот берилди. Жумладан, барча истовчилар махсус ташкил этилган платформа (https://un75.online/?lang=uzb) га кириб онлайн анкетани тўлдиришлари мумкин.

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати