@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Адлия вазирлиги томонидан қонунчиликка қўшимча киритиш таклифи юзасидан

 2020-04-27 14:03:27   |     Просмотров: 3567

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. 

Унга кўра, давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритишга доир қонунчилик талабларига риоя этмаганлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солиниши ҳақида қўшимча киритиш таклиф этилди. Бу эса ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кенг муҳокамасига сабаб бўлди. Шу муносабат билан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ушбу воқеалар атрофида бўлаётган баҳсларга ўз муносабатини билдиради.

Ижтимоий тармоқларда юзага келган баҳс ва мунозаралар юзасидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мазкур қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга киритилаётган қўшимчани, яъни давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритишга доир қонунчилик талабларига риоя этмаганлик учун мансабдор шахсларга чора кўриш амалиётининг жорий этилишини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Фикримизча, ушбу ўзгартиш орқали шу кунга қадар кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётан барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (лойиҳалари)ни давлат тилида ва лозим топилса бошқа тилларда қабул қилинишини тартибга солишга хизмат қилади. Шунингдек, ушбу қўшимчанинг киритилиши Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни нормаларининг (9-модда: давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилиниши таъминланади) тўлиқ ишлашига турки бўлади.

Шу ўринда, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан 2019 йилнинг май ойида билдирилган таклифларни яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз. Яъни, ушбу ислоҳотлар билан бир вақтда фуқароларга давлат тилини ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш, уни ўрганишни истаганлар учун зурур шароит ва инфратузилмани яратиш лозим. Хусусан, мутахассислар учун давлат тилида иш юритиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш (мисол учун, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳодимлари учун тегишли олий таълим муассасаси базасида), айрим расмий бланклар, ҳужжат шакллари намуналарини давлат тилида ишлаб чиқишни якунлаш, шунингдек, кундалик сўзлашувга кириб бўлган бир қатор атама ва янги сўзларни ўзбек тили луғатига киритиш орқали фуқароларга қулай шароит ҳам яратиш муҳим ҳисобланади.

Мазкур қонун лойиҳаси атрофида ижтимоий тармоқларда юзага келган баҳс ва мунозараларни ўрганиш натижасида шуни айтиш мумкинки, фуқаролар томонидан қолдирилаётган баъзи изоҳлар масалани юзаки ўрганиш, фақатгина хабарнинг сарлавҳасидан келиб чиқиб нотўғри хулоса ясаш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Шу фурсатдан фойдаланиб, бугунги кунда ОАВлар ва ижтимоий тармоқларда маълум фикрнинг нотўғри талқин қилиниши натижасида юзага келаётган бир қатор муҳим жиҳатлар ва салбий оқибатларга тўхталиб ўтмоқчимиз.

Биринчидан, бугунги кунда бутун дунё ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан, хусусан юртимизда ҳам у ёки бу масала юзасидан муносабат билдиришдан аввал масаланинг асл моҳиятини яхши тушунмай, фақатгина сарлавҳа ёки қисқа пост мазмунидан ёки бошқа фойдаланувчилар томонидан билдирилган изоҳлардан келиб чиқиб, хулоса чиқариш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бу эса фуқаролар орасида асоссиз баҳс ва мунозараларнинг юзага келиши, вазиятга конструктив ёндашмасликка ҳамда белгиланган мақсадга эришишда турли тўсиқларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.

Юқоридаги фикрларнинг исботи сифатида Sience Post сатирик нашри томонидан ўтказилган эксприментни келтириш мумкин. Унга кўра, Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари эътиборига “70 фоиз Facebook ўқувчилари мақоланинг фақатгина номини ўқишади, ичини эса умуман ўқишмайди” сарлавҳали хабар ва батафсил танишиш учун ҳавола тақдим этилади. Натижада, ушбу пост фойдаланувчилар томонидан 47 минг 700 маротаба улашилади. Ваҳоланки ушбу хабарнинг тўлиқ матни тушунарсиз тилда ёзилган ихтиёрий жумлалардан иборат бўлган.

Иккинчидан, бугунги кундаги ОАВ ва сўз эркинлиги соҳаси ривожини таҳлил қилиш натижасида шуни айтиш мумкинки, барча ОАВлар ҳам журналистика этикасига, хусусан бетарафлик ва холислик принципига тўлиқ риоя этавермайди. Боз устига, улар маълум мақсадларни кўзлаган ҳолда атайин масалани нотўғри талқин қилиш ёки умуман ёлғон маълумотлар тарқатиш орқали одамларни манипуляция қилганлигини учун молиявий фойда олишни кўзлаш ҳолатлари ҳам учрайди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати шу муносабат билан барчага кўп бор такрорланган оддий қоидани — доим маълумотларни текшириш (fact checking) ва шундан сўнггина хулоса чиқаришни тавсия қилади.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати