“Юксалиш” ҳаракати “Оловда ёнмаган мактублар” онлайн-лойиҳасини эълон қилади
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Навоий вилояти фаоллари ташаббусини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Оловда ёнмаган мактублар” онлайн-лойиҳасини эълон қилади.
Мақсад — Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши жангларда ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтириш, ёш авлодга ота-боболаримиз кўрсатган жасоратни ўрнак қилиб кўрсатиш ҳамда юртдошларимизни Ватанга садоқат ва муҳаббат ғояси атрофида бирлаштириш.
Йиллар ўтиши билан Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари сафи тобора камайиб бормоқда. Шу сабабли ўша давр воқеаларнинг “гувоҳлари” — фронтдан келган, бироқ вақт ўтиши билан сарғайиб кетган учбурчак хатлар тобора катта аҳамият касб этмоқда. Баъзан фақат шу битикларгина яқинларининг ҳаёт эканига умид, урушга сафарбар қилинганлар ва уларни кутаётган қалблар ўртасидаги нозик ришта нишонаси эди. Улар госпиталда, навбатдаги ўққа тутилишдан кейин кеч оқшомда ёки жанглар орасида битилган.
Мактубларда нафақат қонли тўқнашувлар, балки дўстлик ва ўзаро ёрдам, қуролдошлар, шаҳарлар ва қишлоқлар, оғир йиллар бўлишига қарамай давом этаётган кундалик ҳаёт тўғрисидаги лавҳалар муҳрланган. Оддий, ўта шахсий сўзлар. “Оловли кунлар”да ҳам ёнмаган ҳар учбурчакнинг ўз тарихи бор: гоҳида ғамгин, гоҳо бахтиёр. Хатлар катта жасорат мактаби, фаҳр манбаи. Вақт ўтар экан, ушбу абадий мероснинг қадр˗қиммати тобора ортиб бораверади.
Биз ушбу лойиҳа орқали кимнинг оилавий фотосуратлар архивида Иккинчи жаҳон уруши даврида олинган яқинларининг фотосуратлари, фронтдан келган хатлар бўлса, уларни суратга олиб, ижтимоий тармоқларга #Ғалабанинг75йиллиги (#75ЛетПобеды) #ОловдаЁнмаганМактублар (#НесгораемыеПисьма) ҳэштеглари остида жойлаштиришларини сўраймиз. Хоҳловчилар мазкур хатларни ўқиб беришлари, яқинларининг — ҳарбий ҳаракатлар иштирокчилари ва ватан ҳимоячиларининг жасоратлари ҳақида сўзлаб беришлар ва буларнинг барчасини видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга юқоридаги ҳэштеглар билан жойлаштиришлари мумкин.
Учбурчак хат нусхасини, хат муаллифи тўғрисидаги маълумотларни (унинг исм˗шарифи, туғилган жойи ва санаси, мактуб битилган сана), тарихий фотосуратни (агар бўлса) JahonUrushi75yil@gmail.com электрон манзилига юборишларини ҳам сўраймиз. Мактублар жорий йилнинг 9 майига қадар қабул қилинади.
Мутахассислар ушбу хатларнинг мазмунини ўрганадилар, тарихчи олимлар Иккинчи жаҳон урушининг муайян воқеаларини таҳлил қилиш, уларни бевосита иштирокчилар ва гувоҳларнинг ҳикоялари ва мулоҳазалари билан қиёслаш имконига эга бўладилар. Келгусида барча қўлёзмалар рақамлаштирилиб, махсус веб˗сайтда танишиш учун жойлаштирилади.
Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус инфекциясининг тарқалиши оқибатида жорий этилган карантин ва изоляция даврида кўпчилик уйда қолмоқда. Эндиликда уларда оилавий фотосуратлар ва архивларни ўрганиш учун қулай имконият пайдо бўлди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати барча фуқароларни ва хориждаги ваташдошларни ушбу онлайн-лойиҳада фаол иштирок этишга, ОАВ вакиллари ва блогерларни эса уни кенгроқ тарғиб қилишда қўмаклашишга чорлайди. Биргаликда фронт ёзишмаларидан иборат Ғалаба йилномасини яратишга, уруш жараёнлари билан яқиндан танишишга ҳамда ушбу маълумотларни барча учун очиқ ресурсга жойлашга муваффақ бўламиз.
“Юксалиш” Умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати