@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Бир миллион дарахт” акцияси: баҳорги босқич

 2020-03-05 16:13:35   |     Просмотров: 3814

Жорий йилнинг февралида “Бир миллион дарахт” акциясининг иккинчи босқичига старт берилди. Навоий вилояти акциянинг биринчи манзилига айланди. Биргина 20 февраль куни Навоий шаҳрининг “Ёшлик” маҳалласидаги 10 гектар майдонга 15 минг туп кўчат экилди. Акция вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларда ҳам давом эттирилмоқда.

Умуман олганда, акциянинг баҳорги босқичи Ўзбекистоннинг 12 та ҳудудини қамраб олди. Ушбу хайрли ишда давлат идоралари, турли муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ва кексалар — фаол фуқаролар иштирок этишмоқда. Ўтган йилнинг куз ойларида 8 та ҳудудда жами 1 652 113 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилган бўлса, 20 февралдан шу кунга қадар юртимиз бўйлаб 2 125 225 туп кўчат ўтказилди.

Аҳоли яшаш пунктларида дарахтлар экиш ҳамда уларни парваришлаш доимий жараёндир. Шу боисдан, 2020 йилнинг март — апрель ойларида “Бир миллион дарахт” акцияси мамлакат бўйлаб ўз юришини давом эттиради. Барчада “яшил челленж” — “Бир миллион дарахт” акциясида иштирок этиш имкони бор!

Эътиборлиси, “Бир миллион дарахт” акцияси ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга қаратилган бошқа ғояларни илгари суришга туртки бўлмоқда. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ўзбекистонда дарахтлар сонини оширишга қаратилган фаоллик ва ва бу каби яшил ташаббусларни, қулай атроф-муҳитни яратиш, республикада яшилликни кенгайтириш ва уни сақлаб қолиш бўйича турли ташкилотларнинг ҳиссаларини қўллаб-қувватлайди.

Ҳаракат “Бир миллион дарахт” акцияси доирасида барча манфаатдор томонлар, жамоат ва халқаро ташкилотларни, бизнес ҳамжамияти вакилларини ҳамкорликка чорлайди.

Эслатиб ўтамиз, «Бир миллион дарахт» акциясининг мақсади дарахтзорларнинг камайиб бориши ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш, одамларни ихтиёрий равишда оммавий бирлаштириш орқали қулай атроф-муҳитни яратиш, Ўзбекистонда дарахтларни сақлаш, тиклаш ҳамда кўпайтириш муаммоларига жамоатчиликнинг эътиборига қаратишдир. Акцияни йилига икки марта — кузда (октябрь — декабрь) ва баҳорда (февралдан апрелга қадар) ўтказиш режалаштирилган.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати