Фуқаролик жамияти вакиллари учун ташкил этилган хакатон якунланди
Жорий йилнинг 25-26 февраль кунлари Тошкент шаҳрида фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган биринчи хакатон бўлиб ўтди. Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Қозоғистоннинг Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (АРГО), Khan Academy Uzbek томонидан ҳамда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) молиявий кўмагида амалга оширилди.
Хакатон “Ижтимоий аҳамиятга молик мавзуларда онлайн курсларни яратиш” мавзусига бағишланиб, унда Тошкент шаҳри ва ҳудудлардан ташриф буюрган ННТлар вакиллари, хаваскор ва тажрибали дастурчилар ҳамда қозоғистонлик АТ-мутахассислари иштирок этишди.
Икки кун давом этган тадбирда жами 30 га яқин иштирокчилар тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда фаолият олиб боришди. Жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамоатчилик билан ишлаши, ишни тўғри ташкил қилиш, ижтимоий буюртмалар олиш ҳамда таълим соҳасидаги муаллифлик дастурларини ишлаб чиқиш каби йўналишлардаги муаммоларни аниқлаш орқали унинг ечими ҳақида ахборот ва янги кўникмалар берувчи мультимедиа дастурларини ишлаб чиқдилар.
Тадбирнинг иккинчи куни барча гуруҳлар иштирокчилар, соҳа мутахассислари ва тадбир ташкилотчилари олдида ўз ишлари тақдимотини ўтказиб, уларни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни муҳокама қилдилар. Барча ишлар келгусида янада такомиллаштириладиган ҳамда ННТлар учун яратилган Web-Академия (http://studyorg.uz/)да жойлаштириладиган бўлди.
Мазкур хакатон “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида замонавий технологиялар, мультипликациялар ва бошқа воситалардан унумли фойдаланган ҳолда ижтимоий йўналтирилган онлайн курсларни яратиш жараёни орқали иштирокчилар салоҳиятини ошириш мақсадида Ўзбекистонда илк бор ташкил этилди.