@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” ҳаракати ва “Кредит-ахборот таҳлилий маркази” Кредит бюроси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

 2020-01-15 16:20:00   |     Просмотров: 3630

Жорий йилнинг 15 январь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида икки ташкилот раҳбарлари иштирокида ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Унинг доирасида томонлар билан республикада микромолиялаштириш соҳасини янада ривожлантириш, микромолиялаштириш қонунчилигини яхшилаш, унинг энг яхши амалиётларини, шу жумладан масофадан туриб хизмат кўрсатиш имкониятларини жорий этиш, кўрсатилаётган микромолиявий хизматлар доирасини кенгайтириш, аҳолининг молиявий саводхонлигини, молиявий оммабопликни ошириш, аҳолида ҳаддан ташқари қарз юки шаклланишининг олдини олиш бўйича ишларнинг ҳозирги босқичдаги долзарб йўналишларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадларида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўймоқда.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг асосий вазифаларидан бири Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш ва шу орқали фуқаролар, бизнес ҳамжамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳисобланади.

Белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати маҳаллий тадбиркорлар, инвесторлар билан яқиндан ишлаш, улар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишни режалаштирган.

“Кредит-ахборот таҳлилий маркази” Кредит бюроси фаолиятининг асосий йўналишлари бўлиб кредит ахборотлари субъектлари бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг кредит тарихларини шакллантириш ва сўровлар асосида тақдим этиш, уларнинг молиявий фаолиятини таҳлил қилиш ва рейтинг балини ишлаб чиқиш, кредит ахбороти субъектларининг тўловга қодирлигини, кредитга лаёқатини ва тўлов интизомини баҳолашда кредит ахборотидан фойдаланувчиларга кўмаклашиш ҳисобланади.

Ҳозирги кунга келиб Кредит бюро базасида кредит ахбороти субъектларига, хусусан жисмоний шахсларга таалуқли бўлган 9 140 мингта ва юридик шахсларга таалуқли 690 мингта маълумотлар мавжуд бўлиб, кредит ахборотини юборувчи ташкилотлар умумий сони 160 тани ташкил этмоқда (30 та тижорат банклари, 55 та микрокредит ташкилотлари, 60 та ломбард, 4 та лизинг ва 11 та ретейл ташкилотлари).

Таъкидланганидек, томонлар:

  • кредит-ахбороти алмашинуви соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва янгиликларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кенг тушунтириш ҳамда уларнинг фикрларини ўрганиш;
  • фуқаролар учун тушунарли тилдаги ижтимоий брошюралар, видеороликлар тайёрлаш ва тарқатиш, босма ва электрон нашрлар, телерадиокомпаниялар ҳамда интернет тармоғи орқали таҳлилий мақолалар, интервьюлар, пресс-конференциялар ташкил этиш;
  • мамлакатда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш жараёнларида фуқаролик жамияти институтлари ҳамда банк ва нобанк ташкилотларининг роли ва аҳамиятини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • Молиявий оммабопликни оширишнинг миллий стратегияси доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
  • ривожланган мамлакатлар тажрибасини чуқур ўрганиш, Кредит бюродаги мавжуд статистик маълумотлардан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон аҳолисининг молиявий саводхонлиги, қарз юки даражасини номоён этувчи индексларни ишлаб чиқиш, уларни юритиш ва ҳаётга тадбиқ этишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш каби йўналишларда ҳамкорлик қилади.