@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“БИР МИЛЛИОН ДАРАХТ” АКЦИЯСИ ТЕРМИЗ ШАҲРИДА СТАРТ БЕРИЛДИ. ТАДБИРНИНГ ИЛК КУНИДА 200 МИНГ ДОНА КЎЧАТ ЭКИЛДИ.

 2019-11-18 15:14:00   |     Просмотров: 3726

Жорий йилнинг 17 ноябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан бошланган “Бир миллион дарахт” акциясига Сурхондарё вилоятида ҳам расман старт берилди. Шу муносабат билан Термиз шаҳрида ташкил этилган тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳамда фахрийлар сўзга чиқиб, барчани ушбу акцияда фаол иштирок этишга чорлашди.

Вилоятдаги мустақиллик майдони ҳудудида бошланган тадбир кун давомида Термиз шаҳри ва Термиз туманларида давом этди. Натижада 200 мингга яқин кўчатлар ўтказилди. Бунда қурғоқчилик ва иссиққа чидамли кўчатлар экилишига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, каталпа, шарқ туяси, сирень, қайрағоч каби кўплаб манзарали дарахт навлари ҳам хиёбон ва кўчаларга, ташкилот, корхона ва муассасалар ҳовлисига экилди. Термиз шаҳрида старт берилган тадбирлар вилоятнинг барча туманларида давом этмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 19 ноябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилувчи “UzWaterAware” Марказий Осиё ҳудудий экологик марказининг Ўзбекистондаги филиали лойиҳаси вакиллари Сурхондарё вилоятида сувни тежовчи воситалар ёрдамида кўчат экиш бўйича мастер-класс ва учрашувлар ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, “Бир миллион дарахт” акциясига 2019 йилнинг 24 октябрь куни старт берилган эди. Ушбу давр мобайнида дарахт кўчатларини ўтказиш тадбирлари Қорақалпоғистон Республикасида, Сирдарё, Наманган, Андижон, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида ўтказилди.